Бугун, 26 август куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида UEFA Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра янги мавсумнинг иштирокчилари ўз рақибларини билиб олди. “А” гуруҳи: “Манчестер Сити”, ПСЖ, “Лейпциг”, “Брюгге”; “В” гуруҳи: “Атлетико Мадрид”, “Ливерпуль”, “Порту”, “Милан”; “С” гуруҳи: “Спортинг”, “Боруссия Дортмунд”, “Аякс”, “Бешиктош”; “D” гуруҳи: “Интер”, “Реал Мадрид”, “Шахтёр”, “Шерифф”; “Е” гуруҳи: “Бавария”, “Барселона”, “Бенфика”, “Динамо Киев”; “F” гуруҳи: “Вильярреал”, “Манчестер Юнайтед”, “Аталанта”, “Янг Бойс”; “G” гуруҳи: “Лилль”, “Севилья”, “Зальцбург”, “Вольфсбург”; “H” гуруҳи: “Челси”, “Ювентус”, “Зенит”, “Мальмё”. Бундан ташқари бир қатор номинациялар бўйича мавсумнинг энг яхшилари тақдирланди. Дания терма жамоаси сардори Симон Кьяер ҳамда бир гуруҳ шифокорларга Кристиан Эриксен ҳаёти сақлаб қолингани учун УEФА президентининг махсус соврини топширилди. “Челси” дарвозабони Эдуард Менди энг яхши дарвозабонга аталган совринни қўлга киритди. “Манчестер Сити” футболчиси Рубен Диаш мавсумнинг энг яхши ҳимоячиси, деб топилди. “Челси” футболчиси Нголо Канте энг яхши ярим ҳимоячи сифатида тан олинган бўлса, “Боруссия Дортмунд” тўпурари Эрлинг Холанд мавсумнинг энг яхши ҳужумчиси совринига лойиқ кўрилди. Томас Тухель (“Челси”) эса энг яхши мураббий совринини қўлга киритди. Шунингдек, UEFA талқинига кўра, “Челси” футболчиси Жоржиньо энг яхши футболчи совринини қўлга киритди. Ундан ташқари Кевин Де Брюйне ва Нголо Канте ҳам совринга даъвогарлик қилаётган эди. Маълумот учун, гуруҳ баҳсларига 14 сентябрь куни старт берилади.
August 26, 2021
Бугун, 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ботир Зокировни “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони “Ўзининг буюк истеъдоди, ноёб ва бетакрор ижоди билан ўзбек эстрада санъатига асос солиб, миллий маданиятимизни ривожлантириш, унинг шон-шуҳратини дунё халқлари ўртасида кенг тарғиб этишга қўшган беқиёс ҳиссаси, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасидаги унутилмас хизматларини инобатга олиб ҳамда таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан халқимизнинг ардоқли фарзанди, буюк санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти, марҳум Ботир Каримович Зокиров “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотлансин.”
August 26, 2021
Бугун, 26 август куни Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида жойлашган ҳарбий қисмда портлаш юз берди. Бу ҳақда NUR.KZ ёзмоқда. Республика Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, воқеа соат 19:00 атрофида Жамбил вилояти Байзоқ туманида жойлашган ҳарбий қисмдаги омборлардан бирида ёнғин чиқиши оқибатида содир бўлган. “Жамбил вилояти Байзоқ туманида жойлашган ҳарбий қисмда, тахминан 19:00 да, омборлардан бирининг ёнида ёнғин содир бўлди. Унинг оқибатида номаълум нарсалар портлади. Ёнғинни бартараф этишга бўлинманинг ўт ўчириш автомобиллари жалб қилинган. Оловни ўчиришга Жамбил вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ёрдам кўрсатмоқда”, дейилади вазирлик хабарида. Қайд этилишича, воқеа жойига вазир ўринбосари генерал-лейтенант Руслан Шпекбаев бошчилигидаги Мудофаа вазирлигидан комиссия юборилган. Ёнғин сабаблари аниқланмоқда. Эслатиб ўтамиз, бугун, 26 август куни Афғонистон пойтахти Қобул аэропортида ҳам портлаш юз берди. Унинг оқибатида камида 15 киши жароҳатланди.
August 26, 2021
Россиянинг Тюмень шаҳрида 8 ёшли қиз ўлдирилди. Қурбон ўлдирилишидан олдин зўрланган. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда. Тергов маълумотларига кўра, жорий йилнинг 30 июнь куни эрталаб Виталий Бережной маст ва гиёҳванд модда таъсири остида 8 ёшли қизни зинапояда учратиб, квартирага олиб кирган ва лента билан боғлаб, зўрлаган. Кейин эса, қизни ўлдирган. Қайд этилишича, Тюменда мактаб ўқувчисини ўлдиришда гумонланувчи ўз айбини тан олган. Эркак жасадни музлатгичда бир неча кун ушлаб турган. Уни йиғиш учун Бережной олдинги иш жойидан маиший техника қутисини олиб келган. Жиноятни яшириш учун 17 август куни у қутини Оброчное кўли соҳилидаги бориш қийин бўлган жойга олиб бориб яширган, кейинроқ у топилган. Хабарга кўра, гумонланувчи кўнгиллилар отрядлари билан биргаликда тинтувда қатнашган. Тергов қўмитасининг таъкидлашича, у 2008 йилдан 2011 йилгача Ханти-Мансийск автоном округининг Няган шаҳрида туман Ички ишлар бўлими ёрдамчиси бўлиб ишлаган. 2015 йилда Тюменга кўчиб ўтган. У жорий йилнинг ёзида ўлдирилган қизнинг яшаш жойидан унчалик узоқ бўлмаган уйни ижарага олиб, кўчиб ўтган. Тергов Бережнойни ҳибсга олишни сўраган. Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, мутахассислар аллақачон унинг ДНКсини қизнинг жасадидан олинган намуналар билан мос келишини тасдиқлаган.
August 26, 2021
Кеча, 25 август куни енгил вазн тоифасида собиқ UFC чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедовнинг “Ring-girls”га қарши эканлиги борасида гапиргани ҳақида хабар берган эдик. Шу сабабли, “Project Hollywood” профессионал “Ring-girls” жамоаси бошлиғи Дариа Шовкопляс спортчининг сўзларига жавоб берди. Бу ҳақда “Live” нашри хабар берди. “Биз ҳаммамиз ММА ёки бокс жуда зўровон спорт тури эканлигини биламиз. Агар сиз бир шафқатсизликка узоқ вақт давомида қараб турсангиз, қайсидир вақтда ҳаддан ташқари тўйинганлик пайдо бўлади. Бу кўпчиликнинг фикри, мана шундай пайтда томошабинларни чалғитиш керак. Табиийки, қизлар баҳонасида мухлислар чалғишади. Ва улар учун бу тоза ҳаво нафаси кабидир. Бу шоунинг элементи, чунки яккакураш турнирлар ҳозир ўз-ўзидан шоуга айланиб кетгани ҳеч кимга сир эмас“, дейди Ҳабиб. Шунингдек, Дариа Шовкопляпс бу фикри билан Нурмуҳамедовнинг фикрига қўшилмаслигини, кўпчилик мухлислар ҳам бунга қарши эканини алоҳида такидлаган.
August 26, 2021
Тез орада Тошкент метрополитени бекатларида барча алоқа компаниялари ишлай бошлайди ва бепул Wi-Fi билан таъминланади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ва “Тошкент метрополитени” ДУК мутасаддилари иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди. Хабарга кўра, бугунги кунда метрополитеннинг барча бекатларида биргина мобил алоқа воситаси ва бепул интернет тармоғи (Wi-Fi) ишлаяпти. Маълум қилинишича, метрополитен мутахассислари томонидан бошқа мобил алоқа операторларини жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. “Тошкент метрополитени йўловчилар билан тўғридан-тўғри ва энг муҳими тезкор мулоқотни йўлга қўймоқчи. Бунинг учун яқин кунларда “Метрополитен-йўловчи” портали очилади. Ушбу портал орқали барча йўловчилар метрополитен фаолияти бўйича таклиф ва эътирозларини билдириши мумкин бўлади”, дейилади хабарда. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 августидан Тошкент метросининг Чилонзор ва Ўзбекистон йўналишларида поездларнинг бекатга келиш вақти қисқаради.
August 26, 2021
Аввалроқ, “Толибон” Афғонистон Миллий ярашув Олий Кенгаши раиси Абдулла Абдулла ва собиқ Президент Ҳамид Карзайнинг тан соқчиларини қуролсизлантиргани ҳақида хабар берган эдик. Бу ҳақда CNN хабар берди. Унинг манбасига кўра, қўриқчилар қуролсизлантирилгач, уларнинг автомобиллари ҳам мусодара қилинган. Кеча, 25 август куни Ҳамид Карзай Абдулла Абдулланинг дастлаб тинтув ўтказилган уйига кўчиб ўтган. Натижада ҳокимиятни олдинги ҳукуматдан “Толибон”га тинч йўл билан ўтказиш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг иккала аъзоси ҳам ҳимоясиз қолган. CNN телеканалига кўра, Карзай ва Абдулла амалда уй қамоғида бўлиб турибди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади. Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди. Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
August 26, 2021
Россия Президенти Владимир Путин Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмоннинг рус тилини оммалаштириш борасидаги ишларини юқори баҳолади. Бу ҳақда РФ Президенти кеча, 25 август куни янги ўқув йили олдидан ўқитувчи ва мураббийлар билан олиб борган суҳбатида айтиб ўтди. “Тожикистон Президенти Имомали Шарипович Раҳмон бунга катта эътибор қаратмоқда. Биз ҳаммамиз, айтмоқчиманки, чет элда, шу жумладан, Марказий Осиё республикаларида рус тилини тарғиб қилишдан манфаатдор бўлган ҳар бир киши, бунинг учун унга миннатдор бўлишлари керак”, дейди Путин. Россия давлат раҳбари яқинда Тожикистон Президенти билан ўзаро муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилганини айтиб ўтди. “Деярли ҳар доим, у [Раҳмон] рус тилини ривожлантиришда Россиядан Тожикистонга ёрдам бериш масаласини кўтаради. Биз ҳатто, бу борада аниқ режаларни ҳам баён қилдик”, дейди Путин.
August 26, 2021
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адҳаном Гебрейесус кузда янги пандемияга тайёргарлик кўришга чақирди. Бу ҳақда у Женевадаги брифинг чоғида маълум қилган. “Кейинги уч ой бўлажак пандемияга тайёргарлик кўриш ва уни қайтариш учун муҳим давр бўлади”, деган Гебрейесус. ЖССТ раҳбари барча хавфсизлик чораларига риоя қилишни, ҳимоя ниқобларини тақишни ва иложи борича COVID-19 га қарши эмланишни тавсия қилди. “Қисқа йўл йўқ. ЖССТ хавф-хатарга асосланган кенг қамровли ёндашувни тавсия қилишда давом этмоқда”, деган у. Шунингдек, Гебрейесус дунёда COVID-19 тарқалиши жуда юқори даражада барқарорлашганини айтган. “Дунёда ҳар куни аниқланган ҳолатлар сони бўйича вазият барқарорлашди. Аммо бу барқарорлик жуда юқори даражада — 4,5 миллиондан ортиқ касаллик ва 68 минг ўлим ҳолатлари”, дея тушунтирган у. Гебрейесус дунёда касалланиш даражаси турлича эканини, лекин вирус ҳамма жойга таҳдид солаётганини айтган. “Вазият минтақадан минтақага, мамлакатдан мамлакатга, вилоятдан вилоятга ва шаҳардан шаҳарга жуда фарқ қилади. Баъзи минтақалар ва мамлакатларда COVID-19 билан касалланиш ва ўлим ҳолатлари кўпайишда давом этмоқда, баъзи минтақаларда эса вазият яхшиланмоқда. Ҳозирча бу вирус ҳамма жойда таҳдид солмоқда”, дея қўшимча қилган Гебрейесус. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунёда коронавирусдан ўлим ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди. Дунё бўйича, 2021 йил 25 август соат 16:38 ҳолатига кўра, 4 448 352 киши COVID-19 инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган. Ташкилотнинг аниқлик киритишича, 2021 йил 22 август ҳолатига кўра, дунёда коронавирусга қарши 4 619 976 274 вакцина қўлланилган.
August 26, 2021
“Толибон” ҳаракати вакиллари ва Панжшердаги қаршилик кучлари ҳужум қилмаслик тўғрисида келишиб олди. Бу ҳақда Geo TV телеканали манбаларга таяниб хабар берган. “Иккала томон ҳам бир-бирига қарши ҳужумни тўхтатишга келишиб олди”, дейилган телеканал манбаларида. Таъкидланишича, “Толибон” ва Панжшердаги қаршилик кучлари учрашувлари сўнгги икки кун давомида Афғонистоннинг Парвон вилоятида музокаралар ўтказиб келган. Лекин бу ҳақда ОАВда энди маълумотлар пайдо бўлди. Телеканал суҳбатдошларининг қўшимча қилишича, келишув “Толибон” ва Панжердаги қаршилик кучлари раҳбарларининг матбуот анжумани вақтида эълон қилинади. Аввалроқ, Афғонистоннинг Панжшер вилоятидаги қаршиликлар раҳбари Аҳмад Масъуд, агар толиблар цивилизацияга ўтишга ваъда берса, улар билан сулҳ тузишга тайёрлигини маълум қилганди. 20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ 2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади. Афғонистондаги давлат тўнтариши Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
August 26, 2021
Арзиев Ўзбекистон Афғонистондаги барча ички сиёсий кучлар ўртасида Афғонистоннинг янги ҳукуматини тузиш бўйича миллий муросага имкон қадар тезроқ эришишидан манфаатдор. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев Олий Мажлис Сенатининг бугун, 26 август куни бўлиб ўтаётган ўн саккизинчи ялпи мажлисида гапирди. Арзиев Ўзбекистон мазкур мамлакатда кенг вакилликка асосланган инклюзив коалицион ҳукуматни тузиш асносида тинчлик ўрнатилишини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. “Шунингдек, Ўзбекистон Халқаро ҳамкорларига Афғонистондан фуқароларни транзит йўли билан хавфсиз жойга кўчириш борасидаги ишларига ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, транзит орқали Афғонистондан чиқиб кетаётган фуқаролар белгиланган манзилга етиб бориши кафолатланган. Транзит йўли билан Ўзбекистонга кириб келганларнинг ҳеч бири мамлкатимизда қолмайди”, дейди Арзиев. Афғонистондаги вазият сабабли айрим давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари фаолияти тўхтатилгани, ўз навбатида Ўзбекистоннинг Қобул ва Мазори Шариф шаҳарларидаги дипломатик ваколатхоналари фаолият олиб бораётгани айтиб ўтилди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади. Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
August 26, 2021
Энди ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин. Ўзбекистон Президенти томонидан жорий йилнинг 25 август куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан шундай норма киритилди. Қонун билан Жиноят кодексида бир нечта янги жиноий жавобгарлик турлари белгиланди. Жумладан: Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда уларни қийноққа солиш ёхуд уларга азоб бериш уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса – 12 млн 250 минг сўм жаримадан 6 ойгача озодликдан маҳрум қилишгача жазо чоралари қўлланилиши белгиланди. Шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи ёхуд заҳарли моддаларни ўтказиш мақсадида тайёрлаш ёхуд қайта ишлаш учун асбоб-ускуналарни тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш, жўнатиш ёки ўтказиш 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.
August 26, 2021
Similar accounts
Disclaimer
The data provides is not authorized by TikTok. We are not an official partner of TikTok.
Use of materials from the resource is permitted only with a link to our resource.
Contact